Туркистон-Америка уюшмаси президенти Абдулла Хўжа Ўзбекистон давлат мукофоти — «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди. Орденни 15 декабрь куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов топширди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Абдулла Хўжани миллий қадриятлар ҳамда анъаналарни авайлаш, АҚШдаги ватандошларни жипслаштириш, Ўзбекистон ва Америка халқлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги фидокорона хизматлари учун «Дўстлик» ордени билан тақдирлашга оид фармонни имзолаган эди.

Туркистон-Америка уюшмаси 1958-йили Филаделфия шаҳрида АҚШ ва Канада давлатларидаги марказий осиёлик муҳожирларни бирлаштирган илк ва тўлақонли уюшмалардан бири сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда уюшмаси аъзоларининг 80 фоизидан кўпроғи АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошлардир.

Уюшма президенти Абдулла Хўжа АҚШ фуқароси, ота-онаси асли ўзбекистонлик, ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида юз берган сиёсий ўзгаришлар туфайли аввал Афғонистонга, сўнгра АҚШга кўчиб боришган.