Тошкент 8-автобус саройи ҳудудидаги «Тошавтотаъмирхизмат» автотаъмир корхонасида шанба куни юзага келган ёнғин натижасида иккита автобусга зарар етди.

«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизматининг хабар қилишича, кузовларни таъмирлаш марказида тахминан 13:40 да ёнғин чиққан. Ҳодисага пайвандлаш ишлари олиб боришда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлган.

Шаҳарлараро қатновчи Mercedes-Benz автобусини қуршаб олган олов таъмирдаги MAN шаҳар автобусига ҳам ўтган. Ёнғин етиб келган ўт ўчириш хизмати ходимлари томонидан бартараф этилган. Ёнғин натижасида таъмирлаш устахонаси биносига ҳам зарар етказган. Жабрланганлар йўқ.

Юнусобод туман ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ҳодиса юзасидан суриштирув ҳаракатларини бошлади. «Тошшаҳархизмат"да ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун ишчи гуруҳи ташкил этилган.