Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Таъкидланганидек, хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, 2018 йил ноябрь ойи охирига келиб, Ўзбекистоннинг дипломатик миссиялари томонидан умумий суммаси 21 миллиард долларлик 372 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Хорижий муассасалар томонидан Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган қарийб 250 тақдимот ўтказилди. Дипломатик миссиялар 50 дан ортиқ туризм кўргазмаси ва ярмаркаларда иштирок этди.

Шу билан билан бирга, вазирлик фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари катта фойдаланилмаган салоҳият ҳамда ҳал этилмаган қатор муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатди.

Жумладан, идоралараро ҳамкорликни таъминлаш муаммоси ҳанузгача ҳал этилмаган, ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёни ёки ташрифлар якунлари тўғрисида ахборот олиш имконини берадиган Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари билан ўзаро аниқ алоқа механизми мавжуд эмас. Бу эса икки томонлама ҳамкорликнинг чинакам ҳолатини билиш, уни янада ривожлантириш бўйича долзарб тавсиялар тайёрлашни чеклайди.

Ўзбекистон товарлари экспортини ривожлантириш, инвестициялар ва туристларни жалб қилиш масалалари бўйича вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилишда Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар хорижий муассасаларнинг таклифлари соҳага ихтисослашган идоралар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан узоқ муддат кўриб чиқилиши билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда. Бу бир қатор муҳим икки томонлама тадбирларнинг мажбуран бекор қилинишига ёки кўчирилишига сабаб бўлмоқда.

Хорижий муассасалар кўп сонли ҳисоботлар тайёрлаш билан ҳаддан ортиқ кўп шуғулланиши ишлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай ҳолат, айниқса ходимлар штатининг чекланганлиги ҳисобга олинса, хорижий муассасаларга диққат-эътиборни аниқ натижага қаратиш имконини бермаяпти.

Бугунги кунда Ўзбекистон инвестиция салоҳиятига доир чет тиллардаги сифатли тайёрланган ва мазмунан бой материаллар ҳали ҳам етишмаслиги кузатилмоқда.

Сенаторлар Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан тавсиялар билдирди.