Тошкент вилоятида 225,8 млн долларлик агросаноат кластери ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 1 декабрдаги қарорида сўз боради.

Paraglide Limited (Буюк Британия) ва «Петромаруз Капитал» (Россия) компаниялари Қуйичирчиқ туманида ташкил этилаётган TCT cluster корхонаси муассиси ҳисобланади.

35,4 минг гектар майдондаги кластер таркибида 2019−2023 йилларда пахта хом ашёси, ғалла етиштириш, тўқимачилик, чорвачилик ва балиқчилик мажмуалари, боғдорчилик, биогаз ва биогумус ишлаб чиқариш бўйича 10 та корхона ташкил этилади.

Лойиҳа 185 млн долларлик хорижий кредитлар ҳамда чет эллик шерикларнинг 40,8 млн долларлик тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев октябрда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар якунлари бўйича биргаликда учинчи мамлакатга экспорт қилиш учун Россия корхоналари билан кооперацияларни кенгайтириш таклифи билан чиққан эди. Жумладан, у агросаноат сектори, тўқимачилик соҳаси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда кластерлар ташкил этиш истиқболларини таъкидлаб ўтди.