Исроилнинг Холон технология институти (HIT) президенти, профессор Эдуард Якубов бошчилигидаги делегация Халқ таълими вазирлигига ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров Исроил делегациясини қабул қилди. Учрашув давомида у вазирликнинг таълим соҳасини ислоҳ этиш бўйича сай-ҳаракатлари ҳақида исроиллик меҳмонларга маълумот берди. Таъкидландики, ҳозирда ўқув дастурлари ва дарсликларни қайта кўриб чиқиш ишлари бошланди.

Халқ таълими вазирининг ўринбосари вазирлик таълим соҳасидаги ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида айтиб ўтар экан, Исроилнинг STEАM фанлари ва АКТ йўналишларида ўқитиш бўйича тажрибаси қизиқлигини қайд этди.

Ўзбекистон томони математика, физика ва бошқа фанлар бўйича дарсликларини мамлакатимизда мослаштириш учун ўрганиб чиқиш истаги борлиги таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорликда физика-математика ва технологияларга ихтисослашган замонавий мактаб ташкил этиш ҳамда ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларини муҳокама этдилар.

Эдуард Якубов Исроил Ўзбекистон билан таълим тизимида ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиши борлигини айтди ва ўз тажрибасини ўртоқлашишга тайёрлигини таъкидлади. У Халқ таълими вазирлиги вакилларини Исроилга таълим тизимини ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун ташриф буюришга таклиф этди.

HIT президенти Исроилнинг таълим тизимини ривожлантириш, жумладан, аниқ фанлар ва технология йўналишлари бўйича илғор тажрибаси билан ўртоқлашди.

Исроил делегацияси Ўзбекистонда мактаб инфратузилмасини ривожлантириш ва моддий-техник базасини яхшилашга қўшимча маблағ жалб этиш учун мактаб фонди MFond ташкил этилгани ҳақида маълумот олди. Ўзбекистон мактабларидан бирини битирган HIT президенти, профессор Эдуард Якубов MFond орқали ўз мактабига молиявий кўмак бериш истаги борлигини қайд этди.