Ўзбекистон ҳакамларга видеоёрдам тизимларини (VAR) жорий этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Hawk-Eye Innovations Ltd компанияси Осиё минтақаси бўлимининг бошқарувчи директори Бен Кроссинг билан учрашувида маълум қилинди.

«Ўзбек футболига VAR тизимини олиб кириш ҳам бугунги кунда олдимизда турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади», — деди Умид Аҳмаджонов.

Бен Кроссинг VAR тизимини ўрнатиш учун 4−8 ой вақт кетишини маълум қилди. Хорижий компания VAR тизимини жорий этиш билан бир қаторда мутахассислар учун тренинглар ташкил этишда ҳам кўмаклашиши лозим.

VAR тизими 2016 йилда Футбол ассоциациялари халқаро кенгаши томонидан тасдиқланган. Ҳозирда VAR кўплаб Европа чемпионатлари - испан Ла Лигаси, Италия, А Серияси, Германия Бундеслигаси ва Франция 1-Лигасида фойдаланиб келинмоқда.

Англия Премьер-лигаси 2019/20 мавсумдан ҳакамларга видеоёрдам тизимларини жорий этиш бўйича принципиал келишувга эришди.