Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот аввалида Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини туғилган кунига 60 йил тўлиши муносабати билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва янги муваффақиятлар тилади.

Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда Сооронбай Жээнбековнинг ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи муҳим воқеа бўлди. Унинг якунида амалий шерикликни кенгайтириш бўйича салмоқли келишув ва битимларга эришилди.

Мулоқотда шерикликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперацияни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликда мавжуд катта салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқариш лозимлигини таъкидладилар.

Мамлакатлар чегараолди ҳудудлари ўртасида мунтазам ўтказилаётган қўшма тадбирларнинг самарали натижалари қайд этилди. Жорий йил март ойида Фарғонада Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди. Ўтган ойда Ўзбекистонда Қирғизистон Республикаси маданияти ва санъати кунлари муваффақиятли ўтказилди. Ўзбекистонда буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қирғизистон президенти Шавкат Мирзиёевга самимий табрик ва тилаклар учун миннатдорлик билдирди.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.