Андижон вилояти божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими, «Дўстлик» чегара божхона пости ва Хўжаобод тумани ички ишлар ходимлари билан хамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида навбатдаги ҳуқуқбузарлик ҳолати фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар берди.

Тезкор тадбир давомида кузатувга олинган бир қатор ташмачи шахслар «Дўстлик» чегара божхона пости олдидаги автотураргоҳда ўзлари билан маълум бир ҳақ эвазига гўёки шахсий фойдаланиш учун дея олиб ўтилган товарларни уларнинг ҳақиқий эгаларига қўшқўллаб топширишаётганлиги фош бўлди.

Яъни, ташмачилар олиб ўтиб бераётган товарлар ортилган енгил автомашина юкхонаси ва салони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, унда 4 нафар фуқароларга тегишли бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган, табиийки ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, тижорат мақсадида олиб кирилган салкам 23 млн. сўмлик аёллар кийим-кечаклари борлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.