Шанба куни Тошкент ҳокимиятида Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаларини ривожлантириш департаменти раҳбарияти ва велоҳамжамиятлар вакиллари ўртасида шаҳарда тўлақонли велосипед йўлаклари тармоғини яратиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Илк бор ўтказилган учрашувда Транспорт департаменти раиси Анвар Жўраев ҳамда велоинфратузилмаларни ривожлантиришга масъул ходимлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Людмила Маркелова, ҳокимият ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг спорт бўйича қўмитаси, Давлат спорт қўмитаси жамоатчилик кенгаши экспертлари ҳамда ЕХҲТнинг Тошкентдаги идораси вакили иштирок этди.

Учрашув иштирокчиларининг «Газета.uz"га маълум қилишича, кўриб чиқилган мавзулар орасида велоспортни ривожлантириш, велоспортни тарғиб қилиш бўйича тадбирлар ўтказиш, велошерингни (велосипед ижараси) жорий этиш, аҳоли зич бўлган жойларда велосипедлар учун тураргоҳ жойларини яратиш ва бошқа масалаларда таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этиш ҳам бор.

Анвар Жўраевнинг маълум қилишича, департамент велоинфратузилмаларни ривожлантириш масалалари бўйича, жумладан велоҳамжамиятлар билан қайта алоқа ўрнатишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Пойтахтда велосипедда ҳаракатланишни тарғиб қилиш учун турли тадбирлар, жумладан велопойгалар ва вилофестиваллар ўтказиш белгиланган. Велокузатувчилар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулайлик яратиш учун зарурат туғилган тақдирда кўчалар ёпилиб, ҳудудлар ажратилиши мумкин.

Жамоатчилик кенгаши департаментга шаҳардаги мавжуд велойўлаклар бўйича таклиф ва эътирозларини билдирди. Улар орасида жамоат транспортини велосипедларни ташиш учун мосламалар билан таъминлаш ҳамда эрталабки ва тунги тирбандлик вақтларда велосипедларни ташишга рухсат бериш кабилар ҳам ўрин олди.

Велоинфратузилмаларни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш учун ЕХҲТ кўмагида хорижий мутахассисларни таклиф қилиш масаласи кўриб чиқилди.