Кеча, 9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон — АҚШ мудофаа идоралари вакиллари иштирокида навбатдаги икки томонлама маслаҳатлашувларни ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур тадбир Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ва АҚШ мудофаа вазирининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Колин Жексон раислигида бўлиб ўтди.

Унда АҚШ ҳарбий делегацияси ҳамда Ўзбекистон Мудофаа, Ташқи ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Мудофаа саноати давлат қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон — АҚШ тегишли идоралари ўртасида имзоланган келишувларнинг амалга оширилиши юзасидан фикр алмашиб, келгуси режаларни белгилаб олди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг профессионал билим ва кўникмаларини ошириш йўлида мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, маслаҳатлашув жараёнида Афғонистондаги вазият, унда тинчликни ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, минтақада барқарорликни сақлаб қолиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.