Тошкент ИИББ ходимлари 23 октябрдан 7 ноябргача «лирика» ва трамадолни ноқонуний тайёрлаш, сақлаш ва сотишда гумон қилинган 46 киши қўлга олинди, дея хабар қилди маҳкама матбуот хизмати.

2 ноябрь куни Учтепа туманида қўлга олинган Ҳаётулло А.дан 16 қадоқдаги трамадол олиб қўйилди. Яшнобод туманида 6 ноябрь куни Жамшид Л. Бошқарган автомобилда эркин савдога чиқарилиши тақиқланган 6 қадоқдаги тиббий препарат аниқланди. 7 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманида қўлга олинган Улуғбек А.дан эса 120 дона трамадол таблеткаси олиб қўйилди.

Октябрь охири-ноябрь бошида ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида жами бўлиб 3023 қадоқ трамадол ва 215 қадоқ «лирика» олиб қўйилди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси («Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш») бўйича 6 та ва 276-моддаси бўйича («Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар») 16 та жиноий иш қўзғатилди.