АҚШнинг Калифорния штати шимолида кузатилаётган ўрмон ёнғинлари Парадайс шаҳрини буткул йўқ қилди. Бу ҳақда РИА Новости Sacramento Bee нашрига таяниб хабар қилди.

Ёнғин пайшанба куни эрталаб бошланди ва сўнгги маълумотларга кўра, 20 минг акрга (саккиз минг гектардан кўпроқ) майдонни эгаллади. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, минглаб уйлар ёниб кетган.

«Бутун шаҳар олов ичида қолди. Бу дахшатли кўринади», — деди Парадайсдан ўз оиласи билан эвакуация қилинаётган шаҳар кенгаши аъзоси Скотт Лоттер.

Аввалроқ ҳукумат шаҳар аҳолисининг барчасини — 27 минг кишини эвакуация қилиш тўғрисида эълон қилган эди. Йўллардаги тирбандликлар сабабли кўпчилик аҳоли Парадайсни пиёда тарк этишга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади Paradise Post. Йўлларда автомобиллар ичида қолган айрим ҳомиладор аёлларда тўлғоқ бошланган. Энг камида икки киши куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Ҳудуддан шу вақтгача 50 минг нафарга яқин киши эвакуация қилинди.