Тошкентда Халқ таълими вазирлиги ҳамда БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) томонидан амалга оширилаётган «Мустаҳкам оила» дастури Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида биттадан таянч-тренер мактабни қамраб олади.

Жами 14 та мактабда махсус малакали психолог ва педагоглар жамоаси иш олиб боради ҳамда ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота оналари билан замонавий психологик-педагогик технологиялар асосида ишлаш йўлга қўйилади.

У 10−14 ёшдаги ўсмирлар хулқ-атворидаги муаммолар, жумладан психофаол моддаларни истеъмоли профилактикасини ўз ичига олади. Синфдан ташқари қўшма машғулотларда ўқувчилар ва ота-оналар иштирок этади. Ота-оналар ўсмирлар психологияси ҳақидаги билимларга эга бўлиб, ота-оналик муҳаббатини намоён этиш, болалар талабларига қулоқ тутиш ва чекловлар ўрнатишни ўрганишади. Ўқувчиларга эса тенгдошларининг салбиқ таъсирига қарши туриш, стресларни бошқариш, дўст танлаш, мақсад қўйиш ва унга эришиш ўргатилади.

Сўнгги икки йил ичида Тошкентдаги 19 та мактабда тўпланган «Мустаҳкам оила» дастурида тўпланган тажрибалар республикадаги 14 та таянч мактабда кенгайтирилади.

5−7 ноябрь кунлари ушбу мактабларнинг 70 нафар психолог ва педагоглари ўсмирлар билан ишлаш бўйича педагогик технологиялар юзасидан семинарларда иштирок этди.

«Ўсмир вақтингизда сизни сигарета билан ким таништиргани эсингиздами? — дея семинар тингловчиларига мурожаат қилди UNODC минтақавий вакили Ашита Миталл. — Бу одам ота-онангиз ёки ўқитувчингиз бўлмаса керак: ўсмирлар бу зарарли одатни ҳаммадан ҳам кўпроқ ўз тенгдошларидан ўзлаштиради. Бу дастур болаларга салбий босимларга қарши туришни ўрганишга ёрдам бериши керак».

Педагог ва психологлар фаолияти оилаларда руҳий муҳитни яхшилаш, болаларнинг мактабдаги таълим жараёнларидаги иштирокини яхшилаши кутилмоқда.

«Мустаҳкам оила» дастури мамлакатда 2016 йил февралидан жорий этиб келинмоқда.