Самарқанд шаҳридаги барча давлат мактабгача таълим муассасаларида 1 ноябрдан бошлаб тарбияланувчилар аутсорсинг тизими орқали овқатлантирилиши йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Давлат раҳбарининг 2017 йил 9 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ишлари эксперимент тарзида амалга оширилди, яъни аутсорсинг тизими йўлга қўйилди.

— Мазкур тизим кутилган натижани берди ва ўзини оқлади, — дейди Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Саъдинова. — Шу боис вилоятимизда ҳам аутсорсинг тизимига босқичма-босқич ўтишга киришдик. Вилоят ҳокими томонидан 2018 йил 24 сентябрда «Самарқанд шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида тажриба тариқасида аутсорсинг тизимини жорий қилиш тўғрисида» қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, шаҳардаги давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болаларнинг сифатли овқатланишини ташкил этиш мақсадида уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб берувчи тадбиркорлик субъектлари тегишли танлов комиссия томонидан ўрганилди. Белгиланган талабларга жавоб берадиган корхоналар танланиб, 1 ноябрдан Самарқанд шаҳридаги барча давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар аутсорсинг тизими орқали овқатлантирилмоқда.

Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги 96 мактабгача таълим муассасаси ошхонаси 14 нафар тадбиркорга ноль қийматда берилган. Улар ошхоналардаги мавжуд ускуна ва идиш-товоқлардан фойдаланиш билан бирга, белгиланган меъёрлар бўйича қўшимча жиҳозлаш чораларини кўрмоқда.

Янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаётганини ўрганиш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва шаҳар бўлими қошида мониторинг гуруҳлари ҳам тузилган. Уларнинг кунлик ўрганиш натижалари таҳлил этиб борилмоқда.