Дам олиш кунлари Италиянинг Сицилия маъмурий вилоятида кузатилган сув тошқинлари қурбонлари сони 12 нафарга етди, якшанба куни Каммарата шаҳри (Агриженто провинцияси) яқинида кучли ёғингарчиликлар натижасида дарё ўзанидан тошиб, автомобилни оқизиб кетиши натижасида икки киши ҳалок бўлди, дея хабар қилди РИА Новости провинциал ёнғин хавфсизлиги хизматлари вакилига таяниб.

Ундан аввалроқ эса маҳаллий Фуқаро муҳофазаси хизматлари якшанбага ўтар кечаси Сицилиядаги ноқулай об-ҳаводан ўн киши, жумладан икки бола қурбон бўлганини маълум қилган эди. Фожиа Палермо провинциясидаги Кастельдачча шаҳрида содир бўлди. Кучли ёғингарчиликлар сабабли Милича дарёси ўзанидан тошиб, қирғоқдаги виллалардан бирига сув тошиб кирган. Бутун бошли оила, жумладан бир ва уч ёшли бола ҳалок бўлди. Сицилиянинг Викари қишлоғида ҳам шунга ўхшаш ҳолатда 44 ёшли эркак вафот этди, яна икки киши бедарак йўқолди. Сицилия маъмурий маркази — Палермо ҳукумати ҳалок бўлганлар хотирасига икки кунлик мотам эълон қилди.

Италия бош вазири Жузеппе Конте якшанба куни Сицилияга борди.

Ўтган ҳафта бошидан буён Италиянинг кўплаб ҳудудларида кучли ёғингарчиликлар ва шамол, сув тошқинлари ва ер кўчкилари кузатилмоқда. Шанба куни Фуқаро муҳофазаси миллий хизмати Сицилия ва Сардинияда «қизил» метеохавф даражасини эълон қилди. Аввалроқ эса бир ҳафта давомида Италияда ноқулай об-ҳаводан 19 кишининг қурбон бўлгани хабар қилинган эди.