Шанба куни бўлиб ўтган коммунал хизматлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувда Тошкент ҳокимияти, ИИББ, ФВБ ва газ таъминоти ташкилотлари раҳбарлари газда ишловчи ускуналар ва коммуникацияларни ўрнатиш ҳамда улардан фойдаланиш меъёрларига риоя қилишга чақирди.

Тадбир яқинда пойтахтнинг Чилонзор туманида ис газидан заҳарланиб вафот этиш ҳолати қайд этилганидан сўнг бўлиб ўтди. 31 октябрь куни пойтахтнинг Чилонзор туманида тўрт бола ис газидан заҳарланиб вафот этди. 1 ноябрь куни эса Юнусобод туманида худди шу сабабдан уч киши ҳалок бўлди.

Тошкентда сўнгги 10 йил ичида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 20 та фавқулодда ҳолат содир бўлиши натижасида 20 киши заҳарланди, 60 киши ҳаётдан кўз юмди, дея маълум қилди шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов. Ҳалок бўлганларнинг 25 нафари пойтахтга вилоятлардан ишлаш учун келган ёлланма ишчилардир.

У сўнгги икки йилда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ўсганини маълум қилди. Юқорида қайд этилган 20 та ҳолатнинг 30 фоизи ушбу даврга тўғри келади.

Бахтиёр Раҳмонқулов фожиали ҳолатларга газ ва иситиш ускуналаридан нотўғри фойдаланиш, мўриларни тозаламаслик, иситиш печларини газ қувурларига резина шланглар орқали улаш, турар жойларни очиқ олов билан иситиш, шунингдек носоз ва сертификатсиз ускуналардан фойдаланиш кабилар сабаб бўлаётганини таъкидлаб ўтди.

«Тошшаҳаргаз» бошқармаси бошлиғи Абдусамад Саидвалиев уй ичидаги газ ускуналари ҳовлили уйларда ҳар йили, кўп қаватли уйларда икки йилда бир марта техник ревизиядан ўтказилиши лозимлигини эслатиб ўтди.

Халқлар дўстлиги саройи зали тўла ҳолатда ўтган учрашув якунлари бўйича шаҳардаги ҳар бир маҳаллада тўлақонли техник ревизия ўтказилиши белгиланди.

Пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу каби ҳолатлар такрор содир этилмаслиги ва газ таъминоти соҳасининг бир қатор бошлиқларига огоҳлантириш берилишига топшириқ берди.

У хизматлар раҳбарлари ва жамоатчиликни ёнғин хавфсизлиги тадбирларида уйғун ҳаракат қилиш, шаҳарликларни эса газ ускуналаридан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишга чақирди.