Қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган Қорақалпоғистонда жойлашган «Қизил қалъа» ва «Шамун Набий» ёдгорликлари таъмири юзасидан текширув ўтказилади. Бу ҳақда 1 ноябрь куни Маданият вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Маданий меърос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Бош бошқармаси бош инспектори Ғиёсиддин Режабов маълум қилди.


Унинг қайд этишича, мазкур масала бўйича малакали, билимли экспертлар комиссияси тайинланади. «Архив ҳужжатларини қиёсий таҳлил қилиш натижасида экспертиза хулосаси пайдо бўлиши лозим. Агар экспертлар ушбу ҳолатни тўғри ёки нотўғрилигини исботласа қонуний чора кўрилиши шарт. Шу билан бирга, Текширув комиссияси билан бирга, Эксперт хулосаси чиқмагунча хулоса чиқариш ноўрин деб ўйлайман», - деди у.


«Тан олиш керакки, бизда маданий меърос обидаларини реставрация ва консервация қилиш ишлари талаб даражасида эмас, - деди маданият вазири ўринбосари Камола Акилова. - Икки жараённи бир-бирига аралаштириб юбориш оқибатида маданий ёдгорликларимизда ўз аксини йўқотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу соҳада айни кундаги муаммо реставрация ва консервация қилишнинг туб моҳиятини тушунадиган мутахассисларнинг етишмаётганлигидир».


Тадбирда сўз олган Маданият вазирлиги жамоатчилик кенгаши раиси Зафар Ҳакимовнинг таъкидлашича, ёдгорликларни реставрация ва консервация қилиш, дегани уни янгитдан қуриш дегани эмас, балки аслини ўзгартирмаган ҳолда таъмирлаш демакдир. «Аммо „Шамун Наби“ мақбараси қайси даврда қай ҳолатда ўзгарганлиги тўғрисида бир нарса дейиш қийин. Бу жиддий масала, ушбу ҳолатни текшириш ва ўрганишларсиз бир қарорга келиш ноўрин деб ўйлайман. Мақбаранинг аввалги ҳолатида хеч қандай безакларнинг мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда, унинг конструкцияси ва ички кўриниши сақланиб қолинган бўлса хеч қандай катта хато йўқ деб ўйлайман», - деди у.


Маданий меърос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Қорақалпоғистон инспекцияси бошлиғи Қуанишбек Шариповнинг маълум қилишича, Хўжайли тумани Миздакхон комплексидаги Мазлумхон сулув қабристони авария ҳолатига келиб қолган. Маҳаллий зиёратчилар мурожаатларини инобатга олган ҳолда, қайта таъмирлаш таклифи берилган.


«Мақбара ачинарли ҳолатга келиб қолганди, хусусан, ички томонига ёмғир ўтиб ўртадаги икки гумбаз ғиштлари қулаб тушганлиги сабаб атрофида айланиб юриш имкони йўқ эди. Мақбаранинг кириш қисми ҳам қулаб қолган бўлиб, ичкарига кириш хавфли эди», - деди у.