Тошкентда Ўзбекистон — Россия ёшлар бизнес-инкубатори очилиши мумкин. Бу ҳақда Россия ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Татьяна Селиверстова Тошкентда ўтказилаётган Ўзбекистон-Россия ёшлар бизнес-форумидаги чиқишида маълум қилди, дейилади ЎзА хабарида.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг октябрь ойида икки мамлакат ёшларининг истиқболли бизнес ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш мақсадида, Белгород шаҳрида Россия — Ўзбекистон биринчи бизнес-инкубатори ўз ишини бошлаган. Эндиликда шу йилнинг декабрь ойида Тошкентда ҳам ҳамкорликда илк бизнес-инкубатори ташкил этилади.

Форумда сўзга чиққан яна бир иштирокчи, Россия ёшлар иттифоқининг Халқаро бизнес лойиҳалар маркази директори Алексей Ежовнинг билдиришича, айни вақтда РФда 20 дан зиёд Россия-Хитой ёшлар бизнес-инкубатори фаолият юритмоқда.

«Умид қиламизки, истиқболда ҳамкорликда ташкил этиладиган мамлакатларимиз ёшларининг бизнес-инкубаторлари бу рақамга етибгина қолмай, уни қувиб ўтади ҳам. Бунинг учун бизда барча имконият ва шароит бор. Қолаверса, ташкилотларимизнинг айни соҳадаги ташаббусларини ҳукуматларимиз изчил қўллаб-қувватламоқда», — деди Алексей Ежов.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Тошкентда Ўзбекистон-Россия ёшлар фестивали ўтказилмоқда. Ўзбекистон — Россия ёшлар бизнес-форуми, туризм мавзусига бағишланган амалий конференция, ёш журналистлар ва блогерлар конгресси каби қатор тадбирларни ўз ичига олган ушбу фестиваль жорий йилнинг 1 ноябрига қадар давом этади.