«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган дастлабки 20 та паст полли, ўртача сиғимли SAZ LE60 автобусга эга бўлди. Улар Тошкентдаги илк кондиционерли автобуслардир.

Компания матбуот хизматининг хабар қилишича, йил охиригача пойтахт автобус саройларига яна 60 та шундай автобус ҳамда 40 та катта сиғимли MAN автобуси келтирилади.

«СамАвто» матбуот хизмати маълумотларига кўра, SAZ LE60 автобусининг йўловчи сиғими 56 кишини ташкил этади (ўриндиқлар сони — 25). Автобуслар автомат узатмалар қутиси ўрнатилган Евро-4 стандартли Isuzu двигателлари билан жиҳозланган.

Машиналар имконияти чекланган йўловчилар учун аппарел билан ҳам таъминланган бўлиб, уларнинг салонга осонроқ чиқишлари учун оғиш хусусиятига эга.