Шу йилнинг 28−30 октябр кунлари Урганч шаҳрида илк маротаба талабалар ўртасида математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ўтказилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали орқали хабар берилди.

Ушбу нуфузли халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида илгари сурилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 26 августида қарори билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ташкил этилиш белгиланди.

Мазкур нуфузли халқаро олимпиадада дунёнинг 20 та давлати 58 та университетининг жамоалари иштирок этади. Унда 334 нафар талабалар ўзаро беллашадилар, уларга 100 нафар жамоа раҳбарлари ҳамроҳлик қилади.

Халқаро олимпиадада ғолибликликни қўлга киритган ўзбекистонлик талабаларга математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратурага квотадан ташқари давлат гранти асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.