Шаҳрисабз туман халқ таълими бўлими бош ҳисобчиси Х.Жўраев қўшиб ёзиш ва камчиликларни яширишга уриниб, прокурор ёрдамчисига пора бераётганда ушланди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, Жўраев Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан ўтказилаётган текшириш юзасидан жиноят иши қўзғатмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига прокурор ёрдамчиси С.Ғайбуллаевга 2500 доллар пора таклиф қилган. У 12 октябрь куни Ғайбуллаевнинг хизмат хонасида соат 14:15 да унга пора берган вақтда ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда аниқланган қўшиб ёзилган сумма 120 млн сўмга яқинни ташкил этмоқда. «Ревизия давом этмоқда ва бу сумма янада кўпайиши мумкин», — дея қайд этди Бош прокуратурадан «Газета.uz"га.