2018 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида жорий йилнинг 15−20 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган «Infolib Uzbekistan» VII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигига старт берилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Ҳафталик Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Маданият, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Фанлар академияси, Ўрта махсус ва касб таълими маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Мазкур ҳафталикини ўтказишдан асосий мақсад — ахборот-кутубхона фойдаланувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатиш ҳамда кутубхона соҳасида фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш, ёшларда мутолаага бўлган меҳрни ошириш, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни ташкил этишда кутубхоначилар ўртасида тажриба алмашиш ва илғор тажрибаларни ҳудудларга бориб жорий этишдан иборатдир.

Етти йилдан буён ўтказиб келинаётган «INFOLIB» Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг мавқеи ва аҳамияти ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ушбу ҳафталик доирасида 40 дан зиёд турли мавзулардаги тадбирлар, семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар, тақдимотлар, маҳорат дарслари, кўргазмалар, кўрик-танловлар, акциялар ўтказилиши режалаштирилган.

Айтиб ўтиш керакки, мазкур ҳафталик Ўзбекистон Республикаси президентининг «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида» 2017 йил 28 июлдаги, «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида» 2017 йил 13 сентябрдаги қарорлари ҳамда Республика ахборот-кутубхона тизими фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш мажлисининг 2018 йил 7 апрелдаги 1-сон баёни ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Ҳафталик 20 октябргача қадар давом этади.