Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 53-умумий ўрта таълим мактабида ўзбошимчалик билан олиб борилган қурилиш ишлари тўхтатилди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Газетанинг 2018 йил 14 июль, 83-сонида «Ургутча ер савдоси» мақоласи чоп этилганди. Унда Ургут тумани Мўминобод маҳалласида жойлашган 53-умумий ўрта таълим мактабига қарашли ер майдонидан мактаб директори ва маҳалла раиси ҳамкорлигида ноқонуний қурилиш қилинаётганидан маҳалла фаолларининг эътирози ҳамда туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг ер майдони бўйича маълумоти келтирилганди. Яқинда мақола юзасидан туман ҳокими М.Турдиев имзоси билан жавоб хати олдик. Унда жумладан, шундай дейилган:

«Туманимиздаги 53-умумтаълим мактаб директори 2017 йилнинг 26 июль куни мактаб ҳудудидан ошхона (буфет) ва ўқув қуроллари савдо дўкони қуриш учун ер майдони ажратиб беришни сўраб, туман ҳокимлигига мурожаат қилган.

2017 йил 17 октябрда туман ҳокимининг қарори қабул қилинган. Унга кўра, маҳаллада яшовчи фуқаро Э.Тугалов томонидан мактаб ҳудудидан 120 квадрат метр ер майдонида ҳомийлик маблағи асосида қурилиш ишларини вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси билан келишилган ҳолда, АРТ ва лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилиши белгиланган.

Фуқаро Э.Тугалов томонидан қурилиш ишлари ўзбошимчалик билан олиб борилганлиги натижасида туман ҳокимлиги ҳамда алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда объектда қурилиш ишлари тўхтатилди".