Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги 11 октябрь куни Озарбайжон ва Беларусь мудофаа маҳкамалари билан 2019 йилда ҳарбий соҳада ҳамкорлик режаларини имзолади, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Ҳужжатлар мудофаа вазири Абдусалом Азизовнинг Арманистон, Беларусь ва Озарбайжон мудофаа маҳкамалари раҳбарлари билан учрашуви чоғида имзоланди.

Ўзбекистон ва Беларусь ҳарбий типография, геодезия, картография ва навигация, ҳамкорликда машғулотлар ўтказиш ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Ўзбекистон Озарбайжон Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий таълим соҳасида тажриба алмашишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари Озарбайжондаги халқаро машғулотларда кузатувчилик қилади.

Учрашувда мудофаа ва ҳарбий таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, томонлар ҳарбий-техник йўналишларда алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашди.