Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ф.А. пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, ҳоким ўринбосари «Аюб Барака сервис» МЧЖ раҳбари М.А.дан Қумқўрғон туман марказидан тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун 0,08 га. ер майдонини нотураржой сифатида берилишини ваъда қилиб, 5000 АҚШ долларипора талаб қилган.

Амалдор 9 октябрь куни Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Сурхондарё вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда вилоят ДХХ бошқармаси ходимлари ҳамкорликда пора олаётганда ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.