Абдусалом Азизов Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги спорт клуби аъзолари, Индонезияда ўтган XVIII ёзги Осиё ўйинларида совринли ўринларни қўлга киритган спортчиларга лейтенантлик погонларини топширди, дея хабар қилди маҳкама матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Мудофаа вазири оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов, каноэда эшкак эшувчи Вадим Меньков ва енгил атлетикачи Надия Дусановага погон ва гувоҳномаларни топширди.

XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Мудофаа вазирлиги спорт клубининг 50 нафар аъзоси иштирок этиб, 10 та олтин, 12 та кумуш ва 11 та бронза медалларини қўлга киритди.

Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, шунингдек Қозоғистоннинг Олма Ота шаҳрида ўтказилган бокс бўйича халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этган спортчиларга кўкрак нишони ва маиший техникалар ҳам тақдим этилди.