Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл кўли яқинидаги ҳудуд Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши учун энг мақбул майдонча сифатида танланди. Бу ҳақда сешанба куни Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов семинар вақтида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон биринчи АЭС қурилиши учун пудратчи танлашда Хитой ва Канада компаниялари таклифларини кўриб чиқди, бироқ якунда Россиянинг «Росатом» корпорациясида тўхталди.

«АЭС қурилиши учун энг мақбул майдончани танлаш ишлари март ойида бошланган эди… Бу ишлар 80-йилларда ўтказилган ва Ўзбекистондаги 70 дан ортиқ энг мақбул майдончалар танланган. Март ойи охирида бўлиб ўтган йиғилишда 10 та мақбул майдончадан энг тўғри келадиганларини танлаш керак эди. Улар орасидан Тўдакўл кўли яқинидаги майдончани танладик», — деди у.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши зарурияти тўғрисида сўзлар экан, Илҳом Содиқов 2000—2017 йилларда мамлакат ЯИМдаги саноат улуши 2,4 баробарга — 14,1 фоиздан 33,5 фоизга, аҳоли эса 1991 йилдан 64,7 фоизга ошганини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида, аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 74,8 фоизга пасайган.