Эртага Индонезияда III Параосиё ўйинлари расман старт олади. Асосий мусобақалар бошланишига икки кун қолганида Ўзбекистон вакиллари навбатдаги расмий тадбир — иштирокчи мамлакатларнинг байроқларини кўтариш маросимида қатнашди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси вакиллари, мураббийлар ва спортчилар иштирок этишди. Ўзбекистон мадҳияси садолари остида давлат байроғи кўтарилди. Маросим давомида Ўзбекистон байроғи билан бир қаторда Сингапур, Ливан, Яман ва Мўғулистон байроқлари ҳам кўтарилди.

Тадбир якунида Паралимпия шаҳарчаси мэри Рафиқ Ҳаким Радинал делегациялар раҳбарларига эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси номидан мезбонларга аталган эсдалик совғаси туҳфа қилинди.