Жиззах цемент заводи директори Исматулла Абдуллаев атрофга зарарли моддалар чиқарилишига тозалаш қурилмаларининг барвақт ишдан чиққани сабаб бўлганини маълум қилди. Яқин атрофда истиқомат қилувчи аҳоли маълумотларига кўра, ҳудуддаги вазият апрелда ёмонлашишни бошлаган.

Олмалиқ КМК матбуот хизматининг жума куни хабар беришича, 8 сентябрь куни тозалаш қурилмаларини таъмирлаш учун завод фаолияти тўхтатилган. 2017 йил мартида заводнинг 1800 та шохобча фильтрлари тўлиқ алмаштирилган эди. Улар вертикал валкали тегирмон ва горизонтал айланувчи печлардан чиққан чанг ва газли аралашмаларни тутиб қолади.

«Мазкур ускуналар Жиззах цемент заводини қуриш билан шуғулланган Туркиянинг Dal Teknik Makina компанияси томонидан етказиб берилган ва икки йил ишлаб бериши керак эди. Бироқ фильтрлар бу муддатнинг ярмидан кўпроғи давомида ишлади, бирма-бир ишдан чиқди ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлди», — деди Исматулла Абдуллаев.

Унинг сўзларига кўра, 16 сентябрь куни 2000 дона бошқа модификациядаги филтрлар олиб келинди ва ишчилар уларни 18 соат давомида ўрнатиб чиқишди.

«Алмаштириш ишлари туркиялик мутахассислар назорати остида олиб борилди. 18 сентябрь куни эса ўн кунлик танаффусдан кейин завод ишга туширилди.

Фильтрлар алмаштирилганидан сўнг атмосферага ишлаб чиқариш ташланмаларининг чиқарилиши барқарорлашди", — деди завод директори.
Янги филтрларнинг яроқлилик муддати бир йилни ташкил этади, бироқ тўғри фойдаланилса, улар икки-уч баробар узоқроқ ишлаши мумкин, деди у.

«Туркия компанияси қўшимча 1850 та шундай филтрларни етказиб берди. Демак, шу каби кўзда тутилмаган вазият юзага келса, уларни бартараф этиш учун барча зарур воситалар етарли», — деди Исматулла Абдуллаев.

ОКМК матбуот хизмати завод раҳбариятига нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.