Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари билан биргаликда хорижий валютанинг ноқонуний савдосига қарши кураш бўйича тезкор тадбир ўтказди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар қилди.

Янгибозор туманидаги Бўзқала қишлоғида Музаффар Рўзимов ва Эркин Жуманиёзов сотишга мўлжаллаб қўйилган 40 минг долларнинг 20 минг долларини 162,4 млн сўмга сотаётганда ушланди. 1 доллар 8120 сўмдан ҳисобланган.

Музаффар Рўзимовнинг автомобилидан ноқонуний айланма учун мўлжалланган 11,8 млн сўм, Эркин Жуманиёзовнинг машинасидан эса 2,5 млн сўм маблағ топилди. Пуллар далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси ходимлари ҳам худди шунга ўхшаш ҳолатга барҳам берди. «Ўзсаноатқурилишбанк"нинг Қоровулбозор филиалида ҳисобчи бўлиб ишловчи Азизбек Рўзиев валюта олди-соттиси билан шуғулланган.

Тергов вақтида Азизбек Рўзиев фуқаро Тошев билан 8000 долларни 64,2 млн сўмга сотиш бўйича келишгани аниқланди. Бунда банк ходими пулни банк кассасига киритмасдан, таниши Шуҳрат Темиров орқали 8000 долларни етказган.

Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган.