Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2019 йил 1 январдан аҳолини пулли асосда имтиёзли нархларда электр энергияси, газ, ичимлик суви ва ош тузи билан таъминлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Туркманистоннинг «Олтин аср» нашри хабар қилди.

Ҳужжатга мувофиқ, 1992 йил 14 декабрдаги аҳолининг электр энергияси, газ ва сув билан бепул таъминлаш тўғрисидаги, 2003 йил 14 августдаги мазкур рўйхатга ош тузини киритиш тўғрисидаги қарорлар ўз кучини йўқотади.

Нашрнинг қайд этишича, қарор мамлакатни барча йўналишлар бўйича барқарор ва тизимли ривожлантириш, базавий ресурслардан рационал фойдаланиш, шунингдек ижтимоий имтиёзларни янада такомиллаштириш мақсадларида қабул қилинди.