Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 27 сентябрь куни чақирилади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ялпи мажлис кун тартибидан «Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги (янги таҳрир), «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги, «Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунларни кўриб чиқиш белгиланган.

Иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизимини, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш ва уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноий жавобгарликни либераллаштиришга, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар ҳам кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, сенаторлар халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қатор қонунларини ҳам кўриб чиқадилар, 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг ижроси тўғрисида Ўзбекистон бош вазири ўринбосарининг ахборотини эшитадилар.

Ялпи мажлисда Бухоро вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади.

Сенат аъзолари қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги норасмий бандлик масалалари юзасидан бош вазир ўринбосари — молия вазирига парламент сўрови юбориш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиладилар.