Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини 25 сентябрдан 2 фоиз бандга ошириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар берди МБ матбуот хизмати.

«Мазкур қарор сўнгги ойларда юзага келган ташқи иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда қабул қилиниб, инфляцион кутилмаларнинг ошиши, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши ва валюта алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири кучаяётган шароитларда инфляцион босимни пасайтиришга йўналтирилган», — дейилади хабарда.

Йиллик инфляция суръатларининг секинлашиб боришига қарамасдан, инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳисобига келгусида ушбу динамиканинг ўсиш томонга ўзгариши эҳтимоли кескин ошди. Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши мазкур хатарларни ҳамда инфляцион кутилмаларни пасайишига хизмат қилади.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Йиллик инфляция даражаси 2018 йилнинг август ойида ҳам дастлабки прогноз кўрсаткичлари доирасида пасайишда давом этиб, 15,7 фоизни ташкил этди. Мазкур динамика мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий арзонлашиши ҳамда 2017 йилдаги пул массаси ошиши ва миллий валюта девальвациясининг инфляция даражасига таъсирини камайиб бориши билан изоҳланади.

Марказий банк томонидан 2018 йилнинг бошида иқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийсига мувофиқ йил якуни бўйича инфляция даражасини 11,5−13,5 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилиниб, ушбу прогноз қуйидагиларга асосланган эди:

асосий савдо ҳамкор давлатларда макроиқтисодий барқарорликнинг янада мустаҳкамланиши билан мамлакат учун қулай ташқи иқтисодий шароитларнинг сақланиб қолиниши;

маъмурий тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг бир маромда оширилиши;

умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижроси таъминланиши;

иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг мўтадил суръатларда ўсиши.

Аммо, бугунги кунда юзага келган ҳолат монетар сиёсатнинг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари ва кейинги пул-кредит сиёсати шарҳларида қайд этилган инфляцион хатарларнинг кучаяётганлигини кўрсатмоқда. Инфляцион хатарларнинг кучайиши қуйидаги омиллар билан изоҳланади.

Биринчидан, ташқи омиллар таъсирида сўмнинг «реал самарали алмашув курси"нинг ошиб бораётганлиги. Девальвацион босимнинг кучайиши мамлакатимиз иқтисодиётининг ташқи савдо соҳасидаги асосий ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин қадрсизланишига жавобан мослашуви билан боғлиқ бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, алмашув курси ўзгаришининг инфляция даражасига кумулятив таъсири кейинги еттита чорак давомида кузатилиб, унинг энг юқори нуқтаси иккинчи ва тўртинчи чораклар оралиғига тўғри келади.

Иккинчидан, кредитлаш ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши натижасида иқтисодиётда истеъмол ва инвестицион талабнинг ошиши.

Учинчидан, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг кутилган даражага нисбатан юқорироқ оширилиши, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тарифларининг бозор шароитларига мослаштирилишининг кутилаётганлиги.

Тартибга солинадиган нархлар оширилишининг умумий инфляция даражасига таъсири юқори бўлсада, ушбу нархларнинг эркинлаштирилиши иқтисодиётда тўпланиб қолган таркибий номутаносибликларни бартараф этиш учун зарурий чора ҳисобланади.

Мазкур жараённи ортга сурилиши пул-кредит сиёсатининг нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини пасайтиради ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларни сифатли амалга оширилишига тўсқинлик қилади.

Тўртинчидан, бюджет харажатларининг прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлиши ва умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижросини таъминлаш бўйича хатарларнинг ортиши.

Шу билан бирга, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляцион кутилмаларининг пасайиши билан бир қаторда узоқ муддатли кутилмаларнинг барқарорлашуви қайд этилган эди.

Бугунги кунда, ташқи иқтисодий ҳолат ва унинг таъсирида ички бозордаги ўзгаришлар натижасида август ойи якуни бўйича қисқа муддатли кутилмаларнинг июль ойига нисбатан ўсиши кузатилди. Шунингдек, узоқ муддатли инфляцион кутилмалар жорий йилнинг II чорагида нисбатан юқори, лекин барқарор бўлган бўлса, июль ойидан бошлаб уларда ҳам ўсиш динамикаси кузатила бошланди.

Шунингдек, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси бўйича кутилмаларнинг август ойида сезиларли ошиши кузатилди. Бунда, февраль ойидан бошлаб кутилмалар босқичма-босқич пасайиб, йил охиригача алмашув курсининг барқарор бўлиши кутилаётган эди. Август ойида эса девальвацион кутилмалар орди. Ушбу ҳолат, келгусида инфляцион кутилмаларнинг қўшимча равишда ошишига олиб келиши мумкин.

Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олган ҳолда 2018 йил учун инфляциянинг дастлабки прогноз кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилиб, йиллик инфляция прогнози 16−17 фоизгача оширилди.

Иқтисодий фаолликнинг ички ва ташқи шароитлари. Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил якуни бўйича иқтисодиётнинг ўсиш суръати 5,0−5,2 фоиз оралиғида бўлади. Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари бўйича белгиланган таркибий ислоҳотлар ва давлат корхоналарининг босқичма-босқич барқарор даромадлилик кўрсаткичларига чиқиши 2019 ва ундан кейинги йилларда ЯИМ реал ўсиши суръатларининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади.

Асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар, шу жумладан, ҳукуматнинг инвестицион характердаги харажатларининг юқори ўсиш суръатлари ҳамда истеъмол талабининг ошиши ташқи омилларнинг иқтисодий ўсишга салбий таъсирини юмшатиш имконини беради.

Хусусан, қурилиш ишлари, айниқса уй-жой қурилиши ҳажмларининг ортиши ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши ушбу тармоқлар ва уларга туташ соҳаларда қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий ва молиявий барқарорлик ўрта муддатли истиқболда миллий иқтисодиётимиз ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади.

2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича тўлов баланси жорий операциялар ҳисобварағи қолдиғи -1,1 млрд АҚШ долларни ташкил этди. Бу асосан ускуналар, технологик линиялар, хомашё ва ишлаб чиқаришга мўлжалланган бошқа товарлар импортининг юқори суръатларда ўсиши билан изоҳланади.

Мазкур инвестицион талаб асосан хорижий кредит линиялари ва банкларнинг хорижий валютадаги кредитлари ҳисобига қопланмоқда.

Марказий банкнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўрта муддатли истиқболда тўлов балансидаги таркибий ўзгаришлар, юқори суръатларда ўсаётган инвестицияларни молиялаштиришда ташқи ресурслар улушининг ошиб бориши билан бирга иқтисодиётнинг янги шароитларга мослашувини ўзида ифода этади.

Пул-кредит шароитлари. 2018 йилнинг II чорагида валюта тушумларининг ортиши монетар олтинни сотиб олиш натижасида вужудга келган қўшимча ликвидликни ўз вақтида стерилизация қилиш борасидаги Марказий банк имкониятларини қисман чеклади.

Шу билан бир қаторда, 2018 йилнинг август ва сентябрь ойларида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларининг ишлатилишини маълум даражада кўпайиши кузатилмоқда. Бу ҳам, ўз навбатида банк тизимидаги ликвидликнинг қўшимча ошишига олиб келмоқда.

Натижада, банклар ликвидлилигини маълум даражада ошиши кузатилиб, ушбу ҳолат банклараро пул бозоридаги (июндаги 13,1 фоиз ва июлдаги 12,8 фоиздан августдаги 10,6 фоизгача) ва депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг пасайишида ўз аксини топди.

Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши мажбурий резервларни шакллантириш механизмини ўзгариши билан бир қаторда, депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкаларини таъминлаш орқали сўмдаги жамғармаларнинг жозибадорлигини ҳамда истеъмол ҳажмининг мувозанатли ўсишини қўллаб қувватлайди ва шу орқали банк тизимидан пул ресурслари чиқиб кетиш хатарини пасайтиради.

Банкларда жалб қилинган депозитлар ҳажмининг ўсиши (фоиз тўловларини ошиши натижасида), ўз навбатида, узоқ муддатли ресурс базасининг кенгайишига замин яратади ва мос равишда иқтисодиётни барқарор инвестицион ресурслар билан таъминлашга хизмат қилади.

Банк тизимида ликвидликнинг нисбий профицити мавжуд шароитда, қайта молиялаш ставкаси оширилиши жами кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларига айтарли таъсир кўрсатмайди.

Бунда, миллий валютадаги кредитлар бўйича бозор фоиз ставкаларининг нисбатан юқорилиги кредитларга бўлган талабнинг бир қисмини хорижий валютадаги кредитлар ҳисобига қондирилишига олиб келиб, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф даражасига билвосита таъсир кўрсатади.

Марказий банк томонидан ушбу қабул қилинган қарорлар таъсирчанлигини ошириш мақсадида қўшимча стерилизация инструментларини фаоллаштириш бўйича чоралар кўрилади ҳамда давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш бўйича Молия вазирлиги билан ҳамкорлик давом эттирилади.

Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши биринчи навбатда, инфляцион кутилмалар ва ташқи инфляцион омилларнинг кучайиши билан боғлиқ хатарларни минималлаштиришга қаратилган.

Ажратилаётган кредит қўйилмаларининг қарийб ярми давлат дастурлари доирасидаги кредитлар ҳиссасига тўғри келиши, шунингдек, 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб жорий этиладиган мажбурий резервлар бўйича янги нормативлар депозитлар бўйича фоиз ставкалари ошганда ҳам кредитлар бўйича ставкаларни ошириш заруратини камайтириб банкларга фоиз юкламасини пасайтириш имконини беради. Бу ўз навбатида, мазкур қарор иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатмаслигидан далолат беради.

Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишда инфляцион хатарларни диққат билан кузатиб боради ҳамда келиб тушаётган маълумотлар таҳлилига асосланган босқичма-босқичли ёндашувдан фойдаланади. Марказий банк томонидан ички нархлар ўсишига монетар омиллар таъсирини пасайтириш мақсадида пул-кредит сиёсатининг барча инструментлари кенг кўлланилади.