21 сентябрь куни Миллий олимпия қўмитаси биносида Осиё ўйинларида совриндор бўлган спортчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Танзила Нарбаева, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги мутасаддилари ва бошқалар иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

18 август — 2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза, умумий ҳисобда 70 та олтин медаль қўлга киритиб, медаллар сифати бўйича бешинчи ўринни эгаллади.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси бош вазири очиб берди. Абдулла Нигматович ортда қолган Осиё ўйинларида мамлакат раҳбари томонидан яратиб берилган шароитлар ва имкониятлар ўз самарасини бергани ҳақида гапириб ўтди. Қолаверса, куни кеча президент томонидан спортни ривожлантириш, оммавийликни ошириш бўйича йиғилиш ўтказилгани ва унда тегишли кўрсатмалар белгилаб берилганини айтиб ўтилди.

Шундан сўнг президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов «XVIII Осиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш тўғрисида"ги фармойишини ўқиб эшиттирди. Унга кўра, Осиё ўйинлари олтин медали соҳиблари 5000, кумуш медал совриндорлари 3000, бронза медалига эга чиққан спортчилар эса 2000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан бирма-бир тақдирланишди.

Тадбир давомида яқин кунларда совриндор спортчиларнинг мураббийлари учун ҳам (олтин — 2500, кумуш — 1500, бронза — 1000) мукофот пуллари тақдим этилиши маълум қилинди.

Тақдирлаш маросими ниҳоясида бош вазир 2020 йилги Олимпия ўйинларида ҳам ўзбекистонлик спортчиларга мухлислик қилиши, мана шундай муваффақиятли иштирокни кутиб қолишини ҳақида гапирди. Ўзбекистон келажакда турли спорт турлари бўйича йирик мусобақалар, қолаверса Осиё ўйинларига ҳам мезбонлик қилиши ҳақида айтиб ўтди.