Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан 13 сентябрь куни беш ёшли қизчанинг ўлимига сабаб бўлган йигитга нисбатан айблов ҳукми эълон қилинди, дея хабар берди ЎзА.

Судда аниқланишича, Қўштепа туманида яшовчи 1998 йилда туғилган Акмал Абдураҳмонов 2018 йил 5 февраль куни эрталаб яшаш хонадонидан велосипедда Олтиариқ тумани марказидаги бозорга борган. У қайтишда «Полосон» маҳалласидаги 6-МТМ ёнидан ўтиб кетаётиб, ушбу муассасадан кузатувчисиз чиқиб кетаётган тарбияланувчилар вояга етмаган Ш.Ғоффоралиев, Х.Ғоффоралиева ва К.Ғоффоралиевани ёнига чақириб, уларга велосипедда сайр қилдириб, дўкондан ширинликлар олиб беришини айтиб, алдаб, уларни ўғирлаб кетган.

Шундан сўнг А.Абдураҳмонов ўғирлаб кетаётган Ш.Ғоффоралиев ва Х.Ғоффоралиевани Олтиариқ тумани, «Тошхирмон» кўчаси бўйлаб ўтган йўл четида қолдириб, К.Ғоффоралиевани эса ўзи билан бирга велосипедда Тошкент-Марғилон-Андижон йўналишидаги темир йўлнинг Олтиариқ-Марғилон қисмидан Марғилон шаҳри йўналиши томонга олиб бориб, вояга етмаган, ожиз аҳволдаги К.Ғаффоралиевани ушбу темир йўлнинг 244 километри, 6-пикетида унинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдириб, шу жойда ёлғиз ўзини ташлаб кетган.

Натижада К.Ғоффоралиева тунги вақтда Қўқон-Марғилон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган 62-сонли йўловчи поезди вагонларининг пастки қисмидаги металл қисмларига урилиб, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳатлари олиши оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ички ишлар идоралари томонидан олиб борилган тезкор қидирув давомида мазкур жиноятни содир этган А.Абдураҳмонов қўлга олинган. Бир неча турдаги экспертизалар хулосалари билан бу жиноят иши ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан судланувчи А.Абдураҳмонов Ўзбекистон Жиноят кодекси 117-моддасининг 2-қисми ва 137-моддаси 3-қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, узил-кесил 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.