«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси 2018−2019 йиллар давомида 550 дона паст полли SamAuto LE 60 ва MAN (сиқилган газда ҳаракатланадиган) автобусларини сотиб олади. Бу ҳақда компания раиси Моҳирхўжа Валиев сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Автобуслар кондиционер ва имконияти чекланган шахслар учун аппареллар билан таъминланади. 160 та машинадан иборат (80 та LE 60 ва 80 та MAN) биринчи партия ноябрда, яна 200 та автобус — 10 та LE 60 ва 190 та MAN 2019 йилда етказиб берилади.

Жорий йилдан автобуслар кондиционерлар билан таъминланади. «Аввалроқ бундай бўлмаганидан афсусдамиз, бироқ келгуси ёздан кондиционерлар ишлайди», — деди Моҳирхўжа Валиев.

Катта миқдордаги MAN автобуслари сотиб олинаётгани муносабати билан мазкур компаниянинг йирик хизмат кўрсатиш маркази ҳам очилади.

«Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари БМТ Тараққиёт дастури билан жамоат электробуслари тизимини жорий этиш тўғрисида музокаралар олиб борилганини маълум қилди.

«Биз 10−15 та электробусни ишга туширишни кўзда тутувчи лойиҳа устида ишламоқдамиз. Улар ҳозирги автобуслар ўрнини эгалламайди, балки алоҳида йўналишлар очилади. Мазкур экологик транспорт учун инфратузилма зарур. Лойиҳанинг бир қисми БМТ ТД томонидан молиялаштирилади», — деди у.

Бундан ташқари, Моҳирхўжа Валиев Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан мактаб автобуслари лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.