Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов 8 сентябрь куни Cengiz-Kolin-Kalyon (CKK) Туркия компаниялари консорциуми вакиллари билан учрашув ўтказиб, Тошкент-Самарқанд йўналиши бўйича давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида автомобиль йўли қурилиши лойиҳасини муҳокама қилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.

Турк консорциуми билан Ўзбекистондаги биринчи пулли автотрасса қурилиши бўйича инвестицион лойиҳа Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдўғоннинг баҳорда Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган эди. Автомобиль йўллари давлат қўмитаси лойиҳада миллий шерик сифатида иштирок этади.

Магистрал лойиҳаси бўйича қурилиш ишларининг 2019−2020 йилларда амалга оширилиши белгиланган. Турк пудратчиси вакилининг маълум қилишича, лойиҳа Тошкентдан Самарқандгача масофани икки соатда босиб ўтишга имкон туғдиради.

Лойиҳани ишлаб чиқишда магистралнинг аҳоли манзилларидан узоқроқдан ўтиши, яйлов ва экин майдонлари ҳамда атроф-муҳит ҳолатига салбий таъсирини имкон қадар қисқартириш масалалари ҳисобга олинади.

Cengiz-Kolin-Kalyon (CKK) консорциуми Янги (Учинчи) Истанбул аэропорти, Анқарадаги тезюрар поездлар темир йў вокзали, метрополитен линияси қурилиши каби йирик лойиҳалардаги иштироки билан машҳур.