Ўзбекистон илк маротаба от спортининг конкур йўналиши бўйича Жаҳон кубоги финали «FEI World Jumping Challenge» мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Қоидага кўра, ушбу «Чақириқ кубоги» Халқаро от спорти федерацияси томонидан танлаб олинган жаҳоннинг турли «спорт минтақалари"даги энг кучли чавандозлар иштирокида бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа финалида йил давомида ўз лигаларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олган спортчилар қатнашадилар. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, финалда 10 та минтақадан энг яхши 20 нафар спортчи иштирок этади.

Бу йил баҳсларда 17 мамлакат вакиллари ўз омадини синаб кўрмоқда. Улар ичида ўзбекистонлик икки нафар чавандоз ҳам бор:

Саидамир Турғунбоев — 2017 йили Гонконгда ўтказилган Осиё чемпионатининг кумуш медали соҳиби.

Абдушукур Собиржонов — шу йил октябрь ойида Аргентинада бўлиб ўтадиган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритган.

Икки гитда бўлиб ўтган саралаш конкури кескин курашларга бой бўлди. Икки кун давом этган баҳслар якунига кўра, ўзбекистонлик ҳам кучли ўнликка киришга муваффақ бўлди.

«FEI World Jumping Challenge Final"да совринли ўринлар учун баҳслар 9 сентябрь куни бўлиб ўтади. Айнан ушбу беллашувлардан сўнг мусобақанинг ғолиби номи аниқ бўлади. Ғолиблик учун баҳслар жарима очколарисиз бошланади. Демак, барча чавандозларда ғолиб чиқиш учун имконият бир хил.