Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Кеча «Миллий» стадион анжуманлар залида ҳар икки терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманнинг биринчи қисмида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва сардор Одил Аҳмедов иштирок этди.

Бош мураббий Эктор Купер 22 август куни бошланган йиғин аввало футболчиларни инсон сифатида ўрганишдан бошлаганини, шу жамладан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг олдинги ўйинлари билан танишганини билдирди ва ҳозирги таркиб Сурия ва Эрон ўйинлари учун йиғилган бўлиб, кейинги ўйинларда таркибга янги ўйинчилар ҳам жалб қилиниши эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлади.

«Мен терма жамоадаги менгача ишлаган барча мураббийларнинг ишини ҳурмат қиламан. Ўйинчиларимиз техник жиҳатдан жуда ҳам яхши ҳолатда. Машғулотлар жараёнида глобал ўзгаришлар қилганимизча йўқ. Шу сабаб ҳам биринчи ўйинданоқ мўъжизалар кутмаслигингизни сўрайман», деди Эктор Купер.

Шунингдек бош мураббий МТЖда ўзгаришлар қачон кўзга ташланиши ҳақида ҳам фикрларини билдириб ўтди. «Терма жамоа ўйинидаги ўзгаришлар энг камида бир ойдан сўнг кўзга ташланишига умид қиляпман. Мен ўйинчи танлашда энг аввало жисмоний ҳолатига эътибор бераман. Ўз клубида яхши тўп сураётган барча ўйинчиларни кузатишга ҳаракат қиламан».

Аргентиналик мураббий қўйган талаблари ЎФА томонидан бажарилаётганини билдириб, футболчиларни ватанпарварликка чақирди. «Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонига мен томонимдан қўйилган барча талаблар ижобий қондириб келинмоқда. Мен имкониятларимдан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қиламан ва айрим камчиликлар юзага келадиган бўлса, буни баҳона қилиб иш услубимни ўзгартирмайман. Лекин шу кунгача ҳеч қандай камчилик кузатилгани йўқ. Футболчиларга айтадиган энг биринчи гапим, Ватанингизни ва терма жамоангизни доимо севинг!»

Эктор Купер шунингдек Осиё ўйинларида иштирок этган футболчиларни МТЖга чақириш борасидаги саволга ҳам жавоб берди. «Биз аста-секин барча ўйинчиларни, жумладан Индонезиядаги Осиё ўйинларида қатнашган футболчиларни ҳам ўрганамиз ва имкониятларини чамалаб керак бўлса терма жамоага таклиф этамиз. Осиё ўйинларида қатнашган футболчиларнинг айримларги терма жамоани кучайтира олиш салоҳиятига эга».