31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан Шаҳидлар хотираси хиёбонида ўтказилган халқ озодлиги йўлида фидо бўлган инсонларни хотирлаш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Қуръон тиловат этилиб, қатағон қурбонлари руҳига дуо қилинди. Элга ош тортилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент диний уламолар, таълим соҳаси мутасаддилари билан суҳбатда ватанпарвар инсонларни эъзозлаш, ёшларни миллий ғурур руҳида тарбиялаш, уларда буюк боболардек бўлишга интилишни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун Ўзбекистон Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази ва олий таълим муассасалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълим дастурларини такомиллаштириш кераклиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Мустақиллик майдонига ҳам ташриф буюриб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар вакиллари ҳам ёдгорлик пойига гуллар қўйди.