Ўтган йилнинг 13 ноябрь куни 17:30 ларда Навоий вилояти Зарафшон шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига 6-кичик тумани ҳудудидаги хонадонлардан бирида босқинчилик жинояти содир этилгани ҳақида хабар келиб тушади. Босқинчилар уйдан ичида 800 АҚШ доллари ва 6,5 млн сўм бўлган сейфни ўғирлаб кетади.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди раиси ўринбосари Шуҳрат Камоловнинг ёзишича, орадан ярим соатлар ўтгач, қизил рангли «Жентра» русумли автомашина йўловчилар билан «Карак ота» ЙПХ масканидан ўтаётганда тўхтатилади. Текшириб кўрилганда, йўловчилар Орифжон Сафоқулов, Ёрқин Шониёзов ва Аббос Пардаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) экани маълум бўлади. Улардан бирининг қўлида эса пул солинган полиэтилен халтача бўлади.

Шундан сўнг йўловчилар ичкарига таклиф қилинади ва полиэтилен қопдаги пуллар санаб кўрилиб, 6,1 млн сўм кимга тегишли эканлиги сўралади. Шунда йўловчи О. Сафоқулов холаси тўй қилгани, тўйдан олдин навоийлик бир кишидан қарз кўтаргани, тўйдан тушган пулларни қарзни қайтариш учун бериб юбораётганини айтади.

Қўлга тушганини сезган жиноятчилар бино деразасини синдириб, воқеа жойидан қочиб кетади.

Тергов жараёнида жиноятчиларнинг яна бир шериги борлиги аниқланади. Сабина Шайдуллаева муқаддам судланган О.Сафоқуловга ўғирлик содир этилган хонадонда катта миқдорда пул борлигини айтиб, уй эгасининг қизи Вазира Зариповани чалғитиб, ўзи билан олиб кетади. Улар биргаликда овқатланаётган вақтда эса жиноят амалга оширилади.

Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда ишдаги барча енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олди.

Суд судланувчилар О. Сафоқулов, С. Шайдуллаева, Ё. Шониёзов ва А. Пардаевга содир этган жиноий қилмишлари учун тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Судланувчи С. Шайдуллаеванинг ёшлигини, муқаддам судланмагани, айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноятни содир этишдаги иштирокчилик даражасини инобатга олди. С. Шайдуллаевага нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамасдан туриб ҳам унинг ҳулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган қатъий фикрга келди. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, Жиноят кодексининг 72-моддаси тартибида 2 йил муддатга шартли синов белгилади.