Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ОТМларда таълим сифатини ошириш, тизимга замонавий менежмент ва маркетингни жорий қилиш орқали соҳани ривожлантириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Йиғилишда ҳудудларда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликларини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Олий таълим муассасалари бошқарувини такомиллаштириш, янги мутахассислик ва йўналишларни ташкил этиш борасида улар олдида турган вазифалар ҳамда тизимга замонавий менежмент ва маркетингни кенг жорий қилиш орқали олий таълим муассасаларини том маънода таълим маркази (хаб)га айлантириш вазифалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, таълим сифатини замон талаблари даражасида ташкил этиш, ўқув жараёнига инновацион илғор тажриба ва ўқитиш методларини жорий этиш, янги таълим хизматларини жорий орқали хорижий фуқароларни республика олий таълим муассасаларига жалб этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Бунда олий таълим муассасаларига ўз йўналиши бўйича дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, факультет ва дастурларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда илмий фаолият юритиш борасида фаолиятни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.