Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Умматқул Худойберди ўғли ва Шафоат Хонназар қизи оиласида дунёга келган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972). «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972−75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982−94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978−82), Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990−94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996−98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998−2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.

Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер тумани газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.

Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг авторлаштирилган таржимасида Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида қўйилган. Шунингдек, шоиранинг халқ орасида «Суянч тоғларим», «Бобо қуёш», «Иссиқ қор», «Садоқат» ва «Муқаддас аёл» каби қатор шеърий тўпламлари севиб мутолаа қилинади.

У Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан таржималар қилган.

Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).