2018 йил, 14 август куни халқ депутатлари Уйчи тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишини халқ депутатлари туман Кенгаши раисининг жамоатчилик асосидаги ўринбосари, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан сайланган депутат Фазлиддин Муҳиддинов очди ва олиб борди. Бу ҳақда Namnews.uz ахборот-таҳлилий портали хабар берди.

Туман ва вилоят кенгашлари депутатлари, туман фаоллари ва корхона, муассасалар раҳбарлари, вилоят ташкилотлари бошлиқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган сессия ишида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Сессия ишида Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, Уйчи туманида ўтган вақт мобайнида олиб борилган ишлар, ҳокимлик фаолиятига танқидий баҳо берди. Бугунги кунда туман фаоллари олдида турган долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратиб, ишга бўлган талаб ва масъулиятни ошириш зарурлигини таъкидлади.

Сессияда Наманган вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Муҳаммадаюбхўжа Пўлатович Апақов Уйчи тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақдаги вилоят ҳокимининг қарори депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Маълумот ўрнида, Муҳаммадаюбхўжа Пўлатович Апақов 1968 йил 21 майда Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. 1994 йили Тошкент молия институти, 2004 йили Наманган давлат университети, 2008 йили Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — иқтисодчи, ҳуқуқшунос. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси.

Қайд этиш жоиз, август ойининг аввалида Уйчи туманида 4 та сектор раҳбарлари — туман ҳокими Абдуғани Турдиев, туман прокурори Бахтиёр Абдураҳимов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Равшан Юсубжонов ва туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Расулжон Отахоновлар ғўза парваришида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, мавсум давомида хотиржамликка берилиб, агротехник тадбирларни белгиланган муддатда тўғри ташкил этмаганлиги, ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.