Қашқадарё ви­лоя­ти Қамаши туманида яшовчи Дилшод Ҳамидов ҳам (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзининг эски таниши Баҳромжон Эсоновни чув туширди. Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, 2015 йил июнь ойида Дилшод Тошкентда туриб, Баҳромжонга қўнғироқ қилади. Яъни у 1 500 АҚШ доллари бериб юборса, Сирғали туманида жойлашган автомашина бозоридан нархи 30 миллион сўмлик «Нексия» автомашинасини олиб беришга ваъда қи­лади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг раиси Ҳасан Ҳайитов «Газета.uz"га маълум қилди.

Аввалдан таниш бўлгани учун Б. Эсонов Д. Ҳамидовнинг сўзларига ишонади. Шу боис 2015 йил 30 июнь куни таниши Отабек Жўраев орқали 1 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни Дилшодга бериб юборади. Натижада ўша куни соат 15:00 атрофида Яккасарой туманида жойлашган «Miss» автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси олдида Д. Ҳамидов О. Жўраевдан «омонат"ни қабул қилиб олади. Аммо орадан шунча вақт ўтса ҳамки, берган ваъдасини бажармай, пулларни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

Охир-оқибат Б. Эсонов ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Дилшод Ҳамидовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик — алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.

Шундан сўнг тергов жараёнида Д. Ҳамидов ИИБ ходимлари иштирокида олган пулининг 500 АҚШ долларини, кейинроқ эса, қолган 1 000 долларини ҳам қайтаради. Пировардида тарафлар ярашиб олади.

Жиноят кодексининг 661-моддасида ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш шартлари ўз аксини топган. Унга кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида назар тутилган жиноятни содир этган шахс агар ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Шунинг учун суд Д. Ҳамидовга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳа­ракатдан тугатиш юзасидан ажрим чиқарди.

Яна бир мисол. Пойтахтнинг Юнусобод туманида яшовчи Сардор Фозиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а"-банди билан қўзғатилган жи­ноят­ ишинида маълум бўлишича, муқаддам ҳам шундай жиноятни содир этиб, амнистия актига асосан жазодан озод қилинган С. Фозилов қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқариш ўрнига такроран фирибгарликка қўл урган.

Гап шундаки, Сардор фуқаро Акмал Ҳайдаровнинг ишончига киради. Аниқроғи, у ўзини илгари банк соҳасида ишлаган шахс сифатида таништириб, Акмалжонга «Давр банк"нинг Олмазор филиалидан 2 миллард сўм миқдорида кредит олиб беришини оғиз кўпиртириб айтади. Чунки С. Фозилов А. Ҳайдаровнинг автолизинг хизматлари кўрсатишга ихтисослашган корхона очмоқчи эканидан хабар топиб қолганди.

— Фақат бунинг ўзига яраша ҳаражати бор. Негаки, ик­ки миллиард озмунча пул эмас, — дейди фирибгар С. Фозилов.

Қисқаси, у алдов йўли билан Акмал Ҳайдаровдан 26 минг 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулни ола­­ди. Лекин пулларни ҳамёнига уриб, кредит олиб беришни хаёлига ҳам келтирмайди.

Оқибатда А. Ҳайдаров унга қонуний чора кўришларини сўраб, ички ишлар бошқармасига мурожаат қилади. Шу боис С. Фозиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а"-банди билан жиноят­ иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида Сардор Фозилов Акмал Ҳайдаровга келтирган зарарини тўлиқ қоплади. Жиноят кодексининг юқоридаги, 168-моддаси 5-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жа­зо қўлланилмаслиги белгиланган. Бинобарин, суд айбдорга аҳлоқ тузатиш иши жазоси тайинлади.