Жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача республика бўйлаб жами 1325 та мактаб ярмаркалари ташкил этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бундан кўзланган асосий мақсад умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар билан таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қулайлик яратишдир.

Мактаб ярмаркаларининг 931 таси умумтаълим мактабларида (уларга 5941 та мактаблар бириктирилган) ташкил этилиб, улардан 3 млн. нафардан ортиқ ўқувчилар, 293 та аҳоли гавжум бозорлар ҳудуди ва атрофларида, 528 та йирик савдо комплекслари ва дўконларда 2 млн. нафардан ортиқ ўқувчилар фойдаланиши режалаштирилган.

Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади. Булар: ўқувчи дафтари, умумий дафтар, кундалик дафтари, расм дафтари, ручка, портфель (ранец), чизғич, циркуль, акварель буёқлари, рангли қаламлар, фломастер, ватман қоғози, ўчирғич, пластилин, елим (клей), рангли қоғоз, қалам йўнғич, қаламдон (пенал), нота дафтари, идора дафтари, тушь, оддий ва рангли бўр, бархат қоғоз, қиз болалар ва ўғил болалар учун пойабзаллар, болалар спорт кийимлари.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «Ўзчармсаноат» уюшмаси, «Ўздавкитобсавдотаъминоти», «Шарқ» компанияси ва «Шарқ зиёкори» МЧЖ етказиб беради. Етказиб берилган маҳсулотларнинг сақланиши, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Ярмаркалар ташкил этиладиган таълим муассасаларининг ҳовли ва фойеларида алоҳида жойлар ажратилиб, зарур жавонлар билан жиҳозланган.

Маҳаллий ҳокимликлар, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда мактаб ярмаркаларида савдоси ташкил этилаётган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги амалдаги стандартлар талабларига жавоб беришини ҳамда уларнинг сифатини назорат қилади.

Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нарх-наволарининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган.