«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ аппарати, автобус саройлари раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари, бош муҳандислари, автосаф бошлиқларидан иборат махсус гуруҳлар тузилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» хабар берди.

Бундан кўзланган мақсад пойтахт жамоат транспорти йўналишларида йўловчи ташиш қоидалари ҳамда йўналиш интизомига риоя қилишини таъминлаш, йўловчиларнинг ҳақли эътироз ва шикоятларини юзага келишини олдини олиш, хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш, йўловчи ташишларни ташкил этишда йўл қўйилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, шаҳар жамоат транспорти йўналишларида йўналиш-транспорт интизомига риоя этилишининг кундалик назоратини олиб боришдир.

Махсус гуруҳлар аъзоларига жорий йилнинг 1 августидан бошлаб ҳар куни йўналишларнинг бир нечта бекатлари оралиғида шаҳар йўловчи ташиш транспортидан фойдаланиш ҳамда бевосита йўловчилар билан жонли мулоқот ўтказиш мобайнида алоҳида эътибор берилиши керак бўлган ҳолатлар белгилаб берилди.

Шунингдек, 2018 йилнинг 1 августидан бошлаб «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ марказий аппарати ҳамда тармоқ корхоналари масъул ходимлари томонидан камида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни соат 07−30 дан 08−30 гача шаҳар жамоат транспорти ишини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назорати ўтказиш тартиби белгиланди.