31 июль-1 август кунлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Сума Чакраборти Ўзбекистонда бўлиб турибди, дея хабар қилди ЕТТБ матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Банк раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, бош вазир ўринбосарлари Сухроб Холмуродов, Алишер Султонов ва Жамшид Қўчқоров билан учрашади.

Ташриф чоғида ЕТТБ президенти хусусий компаниялар билан қатор кредит шартномалари, Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро англашув тўғрисидаги бир қанча меморандумларни имзолайди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва ЕТТБ меморандумлари энергетикани ривожлантириш ва энергосамарадорликни оширишга сармоя киритиш, шунингдек хусусийлаштириш ва капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.

«Биз Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш ҳамда қўшни мамлакатлар ва халқаро ҳамжамиятга мамлакат эшикларини очаётган сиёсий ислоҳотлар йўлидан илгари юриш бўйича чора-тадбирларини олқишлаймиз, умид қиламизки, мамлакатда фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолияти ҳам жадаллашади», — дея таъкидлади Сума Чакраборти.

Ташриф мамлакатга банкнинг янги инвестицияларини жалб қилишга қаратилган ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ўрта истиқболга мўлжалланган фаолияти бўйича янги стратегиянинг тайёрланишига замин яратиши кутилмоқда.

ЕТТБ 2017 йил ноябрида Тошкентда яна ўз ваколатхонасини очди ва дарҳол 2010 йилдан буён биринчи марта Ўзбекистонда 153 млн евродан ортиқроқ миқдордаги олтита янги операцияни имзолади.