Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан навбатдаги «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди. Тақдим этилган лойиҳаларнинг 35 фоизи шу ердаёқ маъқулланди, қолган инвесторларга муқобил участка ва объектлар таклиф қилинадиган бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабар берди.

Киритилаётган инвестициялар турар жойлар, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектлари, савдо-кўнгилочар мажмуалар қуришга йўналтирилади. Умумий қиймати 591 миллион доллар (бундан 173 миллиони тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар) 62 лойиҳа тақдим этилди.

Муваффақиятли лойиҳалардан бири — SF Global компаниясининг Sky city («Самовий шаҳар») бинолари мажмуидир. Лойиҳага киритиладиган сармояларнинг умумий миқдори 500 миллион долларни ташкил этади. Инвесторлар бу маблағларнинг ярмини ободонлаштириш ишларига йўналтиришга тайёр. Кенг ер майдонида баландлиги 30−40 қаватлик замонавий бинолар мажмуасини қуриш режалаштирилмоқда. Улардан бири меҳмонхона, 5 таси — офислар учун бино ва 6 таси турар жой бинолари бўлади. Тадбир якунлари бўйича қурилиш ишлари 5 ойдан кейин — участка тўлиқ тасдиқланганидан кейин бошланишига қарор қилинди.