Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, Республика Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойишига асосан Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 23−26 июль кунлари Қашқадарё вилоятида ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифалар ижроси аҳволи билан яқиндан танишди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Вилоятнинг барча шаҳар ва туман ички ишлар органлари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларида батафсил ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди ҳамда уларнинг якуни бўйича ҳар бир таркибий тузилма ва ходимлар фаолиятига танқидий баҳо берилди.

Ўрганишлар давомида жойларда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар, ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор вазифалар ижроси доирасида секторларда бажарилган ишлар, ҳар бир ходимнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етганлиги ва уларни ҳаётга татбиқ этишдаги дахлдорлик ҳисси, хизмат давомида фуқаролар билан муомала маданиятига риоя этилиши аҳволи каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди, шаҳар ва туманлар кесимида шахсий таркиб билан учрашувлар ўтказилиб, фаолиятнинг ҳар бир соҳавий йўналишларида мавжуд камчилик ва муаммолар, улар келиб чиқишининг туб сабаблари аниқланди.

Ички ишлар вазири Қарши, Китоб, Касби, Қамаши, Нишон, Шаҳрисабз туманлари ҳамда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳар ички ишлар бўлимлари, ушбу шаҳар ва туманлардаги ички ишлар органлари таянч пунктлари, вилоят ички ишлар бошқармаси Қўриқлаш, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида бўлиб, уларда мавжуд шароитлар, шахсий таркибнинг маънавий етуклиги ва ҳуқуқий саводхонлиги, раҳбар ва ходимларнинг хизмат вазифалари ижросини ташкил этишнинг самарадорлиги, тартиб-интизомга риоя этиш, аҳолидан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш аҳволини шахсан ўрганди.

Ушбу ҳудудларнинг ҳар бирида вазир томонидан раҳбарлар ва барча ходимлар иштирокида танқидий руҳда тезкор йиғилишлар ўтказилиб, ишни ташкил этиш аҳволига баҳо берилди, фаолиятда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, айниқса жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳамда фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқарувчи ҳар қандай ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш бўйича шахсий таркибга аниқ вазифалар юкланди. Ўз хизмат бурчига лоқайдлик билан муносабатда бўлаётган, «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойилига риоя этмаётган ходимларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.

Шаҳар ва туманларда Ички ишлар вазири П.Бобожонов ҳокимият вакиллари, маҳалла фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан ҳам учрашувлар ўтказди. Суҳбатлар жараёнида жамоатчилик вакиллари мамлакатимизда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар учун Президентимиз Ш. Мирзиёевга миннатдорчилик изҳор қилиб, жойлардаги ички ишлар органлари фаолиятига доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, Қарши шаҳрида ходимлар учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида қуриб битказилган 64 хонадонли кўпқаватли уй, шаҳарда жойлашган вилоят ички ишлар бошқармаси қошидаги «Юлдузча» номли мактабгача таълим муассасаси ҳамда ходимларнинг соғлигини тиклаш учун замон талабларига мос шароитлар яратиш мақсадида қурилиш ишлари амалга оширилаётган Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги «Мингчинор» дам олиш маскани кўздан кечирилиб, мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Тўрт кун давом этган соҳавий ўрганишларнинг якуний ҳисоботи сифатида 26 июль куни вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П. Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилгани айтиб ўтилди. Кўрилган комплекс чоралар натижасида вилоят бўйича умумий жиноятлар 1139 тага ёки 50,3 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 644 тага ёки 45 фоизга камайганлиги қайд этилди. Қарши шаҳрида «Эзгулик патрули», Шаҳрисабз шаҳрида «Хавфсиз туризм» фаолияти йўлга қўйилгани, вилоят ҳудудида жами 481 та «Жамоатчилик назорати масканлари» ташкил этилгани ва аҳоли гавжум бўладиган 7 мингдан зиёд объектларга видеокузатув мосламалари ўрнатилгани жиноятчиликка қарши курашишда натижадорликка эришишни таъминлагани таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, айрим шаҳар ва туманларда тегишли чора-тадбирлар тизимли ва мақсадли олиб борилмаётганлиги, профилактика инспекторлари ўз фаолиятини маҳалла фуқаролар йиғини, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи бўлинмалари ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда ташкил этмаётганликлари оқибатида оила-турмуш ва қўни-қўшничилик доирасидаги жиноятлар, айниқса, қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш каби ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар ҳамон юқорилигича қолаётгани, вилоятда мавжуд 730 та маҳалланинг 61 фоизида жиноят содир этилишига, 138 тасида эса жиноятлар ошишига йўл қўйилганлиги, ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар секторларда ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши таъминланмай, тадбирлар манзилли ўтказилмаётганлиги аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқараётганлиги, шахсий таркиб билан билим савиясини ошириш, тарбиявий ишлар ўтказиш масалаларига эътибор қаратилмаганлиги натижасида раҳбарлар ва ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш, хатто жиноятлар содир этиш ҳолатлари келиб чиқаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Мажлисда айрим ички ишлар органлари ходимлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда бўлаётган ўзгаришлар, хизмат фаолиятига алоқадор меъёрий ҳужжатларнинг туб мазмун-моҳиятини англамай, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётганлиги қайд этилиб, қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Шу жумладан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун Қарши тумани ИИБ бошлиғи Ж.Ражабов, Муборак тумани ИИБ бошлиғи С.Шарипов, Косон ва Қарши туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари Н.Қаршиев ва А.Аминов, Шаҳрисабз, Ғузор ва Дехқонобод туманлари ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Қ.Тошмуродов, А.Алиев ва Н.Бозаров, Муборак ва Чироқчи туманлари ИИБ бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари Т.Баҳромов ва Ж.Муродов, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ф.Миршатов, ҳамда Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Х.Ризқулов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, кадрлар билан ишлаш соҳасида шахсий таркиб билан касбий тайёргарлик ва тарбиявий ишларнинг тизимли ва самарали ташкил этилишини таъминламаганлиги учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Б.Турсунқулов ҳамда қўл остидаги ходимлар фаолиятини етарли назорат қилмаганлиги оқибатида улар томонидан ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун вилоят ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Э.Қурбоновга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Йиғилиш якунида Ички ишлар вазири П. Бобожонов вазирлик академиясининг профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали амалиётчи мутахассисларини жалб этган ҳолда Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг билим савияси ва касбий маҳоратини оширишга қаратилган манзилли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, барча шахсий таркибни қайта тайёрлаш ҳамда фуқаролар билан ишлашда муомала маданиятининг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя қилиш, ҳар бир ҳолатга тезкор, холисона ва қонуний ёндашувни таъминлаш, ходимларнинг кундалик фаолиятини «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этиш, тизим шаънига доғ туширувчи ҳолатларининг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида аниқ топшириқлар берди.